Ana səhifə TÜRK DÜNYASI “Abdulla Qədiri yaradıcılığı yeni tədqiqlərdə” (özbəkcə)

“Abdulla Qədiri yaradıcılığı yeni tədqiqlərdə” (özbəkcə)

Müəllif: Bizim Yazı
902 baxış

 

Salam.

Bahadur Kərimov Özbəkistan Milli Universitetinin tanınmış alimlərindən biridir. Bu günlərdə “Abdulla Qədiri yaradıcılığı yeni tədqiqlərdə” (özbəkcə) adlı məqaləsini almışam. Olduqca maraqlı və əhatəli, elmi-nəzəri baxımdan yüksək səviyyəli tədqiqat məqaləsidir. Qeyd edim ki, onun bu il “Abdulla Qədiri” adlı yeni bir monoqrafiyası da Özbəkistanda nəşr olunmuşdur. Bu əsər XX ywzilin klassik ustadı Abdulla Qədiri yaradıcılığına tamamilə yeni elmi-nəzəri baxışdır. Mümkünsə, indi sizə göndərdiyim məqaləni saytınızda yerləşdirin.
Sayğılarla, prof.dr. Almaz ÜLVİ

***

Баҳодир КАРИМОВ /филология фанлари доктори, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Жаҳон адабиёти ва назария” кафедраси мудири/ – ТОШКЕНТ, ЎЗБЕКИСТОН

Абдулла Қодирий ижодининг янгича талқинлари
(Мустақиллик арафаси ва мустақиллик йиллари мисолида)

90-йилларнинг бошлари ва, айниқса, мустақиллик йилларида улкан истеъдод эгаси Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини янгича ўрганиш бошланди. Энг муҳими, қачонлардир Абдулла Қодирийнинг дилбар романларини ўқий туриб, ундаги миллий пафосдан руҳланган, аммо барча ҳис-эҳтирослари дилининг туб-тубида сақланган олиму уламоларнинг, шоиру шуароларнинг баҳри-дили очилди. Таъқиб, таҳдид ва таҳликадан омонликда қалам тебратиш имконияти пайдо бўлган муҳитда улуғ адибимизга дахлдор қувонч ва сурур, ғам ва ташвиш афсус ила надомат – барча-барчаси тўкиб солинди. «Бир авлод умри давомида Абдулла Қодирий таъқиқланди ва таҳқирланди. Бу инсонга қарши, инсониятга қарши, халқларнинг маънавий мулки бўлган тарихи, маданияти ва ифтихор туйғусига қарши, тили, одати, дини, ихлос-эътиқодига қарши қилинган буюк жиноятнинг бир кўриниши эди…».[1] Бундай эътирофлар, ҳақиқат тантанаси баъзан шеърий йўсинда ифода этилди:

«Азалий ҳақ гапни яширмоқ нечун,
Завол йўқ энг асл истеъдод учун.
Агарда коинот тегирмон бўлиб,
Оламни янчса ҳам, қолгай у бутун».[2]

Айни замонда адабиётшунослик илми Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини, «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён»дек гўзал романларига муносабат тарихини қайта идрок этиш, қайта баҳолаш, қайта талқин қилиш жараёнига қадам қўйди.
Илмий тадқиқот қоидасига кўра объект тарихига назар ташланади; мавжуд манбаларнинг ҳолати илмий нуқтаи назардан кузатилади. Шу маънода қодирийшунослик ўзининг янги майдони ва босқичига кирар экан, табиийки, айтилажак айрим янги фикрларни аввало мавжуд манбаларга муносабатдан келтириб чиқариши керак эди.
Шу ўринда адибнинг невараси Хондамир Қодирий томонидан 1992 йили «Ўткан кунлар» романи 1926 йилги, «Меҳробдан чаён» эса 1929 йилги нашрлари асосида қайта нашр эттирганини таъкидлаш лозим бўлади.Ўзининг ижодий-илмий фаолияти давомида Абдулла Қодирий асарларига мурожаатни канда қилмаган адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжонов 90-йилларга келиб, кўпгина кузатишларини «Қодирий-эрксизлик қурбони» ҳамда «Ўзбекнинг ўзлиги»[3] деган китобларида жамлашга муваффақ бўлди.
М.Қўшжонов «Қодирий – эрксизлик қурбони» китобида адабий танқидчиликнинг улуғ адиб ижодига муносабатининг айрим қирраларини текширади. Ижоддаги, фикрдаги эрксизлик Қодирий ижодини талқин этишда нақадар ғайриилмий ёндашувларга олиб келганлиги устида қимматли фикрлар билдиради. Абдулла Қодирий ижодини талқин қилган М.Шевердин, С.Ҳусайн, Ойбекнинг илмий қарашлари билан баҳсга киришади. Адабиётшуноснинг мукаммал шаклланган эстетик позицияси бадиий асарга эстетик воқеа, санъат намунаси, маънавиятнинг кўркам обидаси сифатида қарашга имкон беради. Агарда инсонда бу ички дид-фаросат, гўзалликни англаш, ҳис этиш, тушунишдек неъмат йўқ бўлса, адабиётдек покиза майдонга, сўз салтанатининг олтин қасрига кўзсиз қалб, қалбсиз кўз билан киришдан фойда йўқ.
Бадиий матн талқинида эса мазмун-моҳиятдан узоқлашиш, матн­нинг имманент хусусиятларидан келиб чиқмаслик бирёқламаликлар, субъективизм, сиёсий мафкурага мослашишга олиб келади. Матнни тушуниш ва тушунтириш – талқин жараёнидир. Агар воқеликнинг бадиий талқинини илмий тилга кўчиришда, тушуниш, тушунтириш ва ҳис этишда матн моҳиятидан узоқланиш англашилмовчиликни юзага келтиради.
«Меҳробдан чаён»нинг ёзилганига олтмиш йил тўлган маҳалда «Романнинг машаққатли йўли»4] номли мақоласи билан чиқиш қилган Абдуғафур Расулов матн ва талқин орасидаги зиддиятларни, хатолик ва англашилмовчиликларни фактлар асосида кўрсатди; қодирийшунос-ликдаги тадқиқотларга, дарслик китобларга мурожаат этди. Хусусан, ижодий метод ва роман моҳияти юзасидан ўринли фикрларни билдирди.  Мақолада «Меҳробдан чаён» қаҳрамонларини иложи барича янгича талқин қилишга интилиш сезилади. «Меҳробдан чаён» романининг текстида сермаънолилик, рамз, ишора ниҳоятда кучлидай» туюлиши айтилади. Ўзигача бўлган талқинлардан қониқмаслик ва албатта, роман матнидаги ўша сермаъноликни, рамзни, ишорани, жозибани намоён этиш кайфияти сезилади.
Орадан беш йил ўтиб, олим яна «Меҳробдан чаён» романига мурожаат этади. «Тақдирлар талқини» дея номланган бу мақола «Романнинг машаққатли йўли» негизида ёзилган; бойитилган, муҳими, асарга «янги ракурсдан боқиш, янгиланган концепциядан ёндашиш» (А. Расулов таъбири) жараёнида юқорида келтирилган бир қатор жумлалар таҳрир қилинган. Мақолада олим гоҳ Отабек билан Анвар салоҳиятига, гоҳ Анвар билан Раъно ҳамда Насим дўстлигига, руҳий яқинлигига, баъзан Солиҳ махдум ва унинг мактабидан чиққан ўзбек адабиётидаги хасисларга, зиёлилар образининг қиёси ва баъзан «онҳазратнинг отган ўқлари» бўлмиш Гулшаннинг «жонли одам, тирик инсон» эканлигига диққатини қаратар экан, имкони борича янгича тафаккур мезонлари асосида иш кўради. Адабиётнинг чинакам инсоншунослик эканлигини таъкидлаб боради.
Табиийки, бадиий асарга, хусусан, Абдулла Қодирий романларига бундай янгича ёндашув, талқин ва таҳлиллар ижтимоий-сиёсий, адабий-илмий муҳитдаги тозаришлардан дарак беради.Бундай тозариш нафаси «Абдулла Қодирийнинг бадиий дунёси»[5] мажмуасига кирган мақолаларда, айниқса, профессор Умарали Норматовнинг «Қодирий боғи» («Ёзувчи» нашриёти, Т., 1995. 12 б.т.), «Ўткан кунлар» ҳайрати»[6] китобларида яққол сезилади.
Жадидчилик, миллий уйғониш даври ижодкорларига муносабат тубдан ўзгарган, уларнинг адабий меросини қайта идрок этиш, янгидан баҳолаш ва янгича талқин қилиш жараёнлари бошланган даврда профессор Умарали Норматов Абдулла Қодирий ижодини жиддий суратда қайта холис илмий назардан ўтказди. Улуғ адиб ижод оламининг, ҳаёт йўлининг турли-турли қирраларини янгича идрок асосида намоён этадиган ўндан ортиқ ниҳоятда салмоқли мақолалар ёзди. Ва уларнинг жамланишидан юқорида тилга олинган китоблар юзага келди.
Биз дунё адабиётшунослигида «Гёте эстетикаси», «Л.Н.Толстой эстетикаси» ёки «Ф.М.Достоевский эстетикаси» сингари сарлавҳаю таъбирларга кўп дуч келамиз. Зеро, муайян адиб ижодий дунёқарашидаги нафосатни, эстетик принципларни тадқиқ этишда жаҳон адабиётшунослигида адабий-илмий мактаблар бор. Шу жиҳатлар ўзбек адабиётшунослигида ҳам эртами-кечми ўз ифодасини топиши лозим. Ушбу эстетик масала қодирийшуносликда «Адиб эстетикаси» тарзида қўйилди. У.Норматовнинг бу йўсиндаги талқинларида ҳам янгича адабий-илмий тафаккур нафаси сезилади. Олим адибнинг адабий-назарий қарашларини талқин этиб, адиб эстетикасидаги, «адиб адабий-танқидий қарашларидаги бош гап-реализм масаласидир», «ҳақиқат, ҳаёт, ҳақиқатга садоқат – ёзувчининг ижодидаги бош шиордир…» деган хулосаларга келади.
Айни бир асарни ёш эътибори ила каттагина фарққа эга бўлган икки олим, адабиётшунос икки йўсинда талқин қилиши мумкин.
У.Норматов «Ўткан кунлар»нинг янгича талқинида социал муҳитни янгича кузатса, ёш адабиётшунос Муртазо Қаршибой роман негизида «Бир ишқ, ҳам чин бир ишқ»ни кўради. «Ишқ – адабий эҳтиёж, абадий мавзу»лигини таъкидлаган М.Қаршибой «Ўткан кунлар»да ишқий изтироблар нақадар теран тасвир этилганини далилларга асосланиб бир-бир тушунтиради. Роман ичидан яшил ип бўлиб ўтадиган асосий сюжет воқеаси Отабек ва Кумушнинг ишқи. Композиция ҳам шу асосга қурилган. Бу икки покиза қалб орасида пайдо бўлган муҳаббатни М.Қаршибой илоҳий ишққа яқинлаштириб қўяди ва баъзан фикри исботи учун ислом фалсафасидан илмий асослар келтиради. Хулосани эса, «Худди шундай, «Ўткан кунлар» ҳам «бир ишқ, ҳам чин бир ишқ» ҳақидаги ғуссали рўмондир»[7] деган сўзлар билан якунлайди. Айнан бир адабий-эстетик воқеликнинг, аниқроғи, бадиий образнинг нисбатан икки хил талқинига яна бир мисол келтирамиз. «Меҳробдан чаён» романидаги Солиҳ махдум образи янгича баҳоланаётган, «янгича ижтимоий-иқтисодий концепция»лар илгари сурилаётган шароитда баҳс объектига айланди. Адабиётшунос Азим Раҳимов «Солиҳ махдумда нима гуноҳ?» [8] номли мақоласида кўпроқ Солиҳ махдумдан фазилат излайди. Унинг илгариги талқинларига нисбатан янгиланган, самимиятга яқин талқинини беришни истайди. Солиҳ махдумни бундай «реаблитация қилиш» ёш адабиётшунос Муртазо Қаршибойга маъқул келмайди ва «Солиҳ махдум фариштами?» деган мақола билан чиқади. Адабиётшунослик ўзининг «муқим таянч нуқтаси – концепцияси»ни йўқотганлигини таъкидлаган муаллиф ўз қарашларида, романдаги инсон табиати, инсон қисматини янгича талқин этишда ўзи учун ислом фалсафасининг асосларини илмий концепция даражасига кўтариб олади. Шу боис онага яхшилик қилиш ҳақидаги, «Ҳаё-иймондандир», «Тангри наздида бандаларнинг энг яхшиси ўз аҳли-аёлига фойдаси кўп тегадиган кишидир», «Бир гуноҳ ишни кўрсаларинг, қўлларинг билан қарши бўлинглар. Қўлларинг билан қарши бўлолмасаларинг, тилларинг билан қарши бўлинглар. Мабодо тилларинг билан қарши бўлолмасаларинг, дилларинг билан қарши бўлиб туринглар. Аммо бу иймонларинг заифлигидан далолат беради» каби ҳадислар асосида ўз қарашларини исботлашга уринади. А.Раҳимов Солиҳ махдумни иложи борича зиёли, фазилатли қилиб талқин этишга интилса, М.Қаршибой кўпроқ иккинчи қироққа ўзини уради. Илгари ўта хасис, зиқна тип ўлароқ талқин этилган Солиҳ махдумнинг бир йўла оппоқ-серфазилат зиёли тўнини кийиши ҳам ёки янги шароитда иймонсиз, мунофиқроқ, шайтон, ҳаёсиз сингари сифатлар билан тавсифланиши ҳам айни образнинг бутун жозибасини, эстетик қийматини очиб бера олмайди. Қолаверса, «Меҳробдан чаён» романидаги энг ёрқин, табиий ва реалистик бақувват образи бўлгани учун ҳам ҳалига қадар Солиҳ махдумнинг кимлиги устидаги мулоҳаза- мунозаралар давом этмоқда. А.Раҳимов ва М.Қаршибойнинг баҳсларига муносабат билдирган махсус мақола ҳам ёзилди ва учинчи бир нейтрал талқин илгари сурилди.[9]
Муайян эстетик ҳодисанинг турлича талқини учун манба бўла олиши айни асарнинг бадиий қувватини кўрсатади. Бунга шубҳа йўқ. Таъкидлаш жоиз бўлган яна бир фикр шуки, ҳар бир адабиётшунос ўз билими, дунёқараши, ҳаётий тажрибаси, ўз имконияти, иймон-эътиқоди доирасида фикр айтади. Ўзи англаган, ҳис этган ҳақиқатнинг қайсидир қиррасини тушунтиради. Шунингдек, эстетик ҳодисани тушуниш ва тушунтиришда интерпретаторнинг табиати, психик темпераменти ҳамда ёши қайсидир маънода роль ўйнайди.
«Қуш тилини қуш билади», деганларидек, Абдулла Қодирий қаламининг жозибасини, тасвирларидаги психологик ҳолатларнинг айрим қирраларини очиб берган асар сифатида Хайриддин Султонов­нинг «Шоирона, дарвешона, бир маъно» мақоласини кўрсатиш мумкин. Бунда зерикарли, бадиий асар вужудига бегона назарий гапларнинг қуруқ такрори йўқ. «Қодирийнинг маҳорат сирлари ҳақида» фикр юритар экан, Анвар билан Раънонинг муносабатларидан, Тойир аканинг хароба кулбасидан, Шариф, Раҳим ва Қобулбойларнинг қатъиятидан ва айниқса, баъзида «ўз қусурлари устидан ўзи ҳам кулишга қодир одам» – Солиҳ махдумнинг «табиатидаги ўзига хос жозиба»дан сўз очади. Бошқача айтганда, реалистик роман жозибасини, биз ташналик ила талабида бўлган, эстетик нуқтаи назардан ишонарли талқин этади. «Унинг (Солиҳ махдумнинг – Б.К.) қилиқларини кузатганингиз сари завқингиз ошиб бораверади, бироқ мийиғингиздаги табассум ҳеч вақт заҳарханда ёки ёвуз нафратга айланиб келмайди. Беихтиёр ич-ичингиздан: «Э, буям худонинг бандаси-да», деган хаёл кечади.
Чинакам санъаткорга хос жозибанинг қудрати ана шундай бўлади».[10]
Х.Султоновнинг бундай нозик, нафис талқинлари ёрдамида адабиётчилар баҳсидаги қандайдир мавҳумлик ёки бирёқлама-ликларни аниқлаштириб олиш мумкин, албатта.
«Адабиёт» сўзи «адаб»нинг кўплигидир. Сўз санъатининг мазкур алифбосини барча яхши билади. Азал-азалдан адабиёт одоб-ахлоқнинг такомилига, комил инсон маънавий қиёфасини юксалишига хизмат этган. Гарчанд кейинги йилларда бадиий адабиётнинг тарбиявий хусусиятига кам эътибор берилаётган бўлса-да, мазкур омилни сўз санъати негизидан ташқарида кўриш мумкин эмас. Эҳтимол, қандайдир асарларни тилга олиб, «бундаги воқеалар ибрати ёки қаҳрамонлар ҳаёти ўқувчида ҳаётга муҳаббат уйғотади» тарзидаги стереотиплардан холос бўлган ҳолда, бадиий адабиётнинг инсон руҳияти ва кайфиятини мавжуд бошқа реалликларга ҳам мослаштириши мумкинлиги вазифасини инобатга олмоқ жоиздир. Масалан, инсоннинг ўлимга муносабати. Ўлим ҳар қандай тирик махлуқ, жонли инсон бошига эртами-кечми келиб қўнадиган ҳодиса. Дунё яралгандан бери, Одам ота ва момо Ҳаво яралгандан буён ўлимдан ҳеч ким қочиб қутилган эмас. Зотан, инсоннинг бу ўткинчи дунёни бир кунмас-бир кун тарк этиб кетишлигига табиий кайфиятни, муносабатни, эҳтимол, адабиёт шакллантирмоғи лозимдир. Шахсан мен француз ёзувчиси Альбер Камюнинг «Бегона» асарини мутолаа қилганда ва айниқса, шарқ тасаввуф адабиётини ўқиганда, хусусан, Аҳмад Яссавий ҳикматлари мағзини чаққанда адабиётнинг «ҳаётга муҳаббат уйғотади» тарзидаги тарбиявий қийматидан ташқари «ўлимга кўникма ҳосил қилиш» тарзидаги хизмати борлигини ҳам ҳис этганман. Инчунун, бу алоҳида мавзу. Бу ўринда қодирийшуносликка алоқадорликда тарбиявий аҳамият хусусида сўз очилар экан, дунё илм-фанида адабий-фалсафий талқиннинг этик – одоб-ахлоқ йўналиши ҳам мавжудлигини эслаб ўтиш жоиздир. Моралистлар бадиий адабиётдаги инсон фазилати ва қусурлари билан боғлиқ ҳодисаларни тадқиқ этганлар, албатта. Масалан, Август Антонович Милтс исмли латиш профессори ўзининг «Виждон» номли мақоласида айни ахлоқий тушунчани адабий-фалсафий негизда тадқиқ этади. Унинг инсон ҳаётида нақадар муҳим ўрин тутишини таъкидлайди.[11]
Хайриддин Султонов айнан адиб романларини соф этик-эстетик нуқтаи-назардан талқин қилиб, «Андиша» номли махсус мақола ёзди. Жуда кўп олимлар илғамаган фазилатларни бир фокусга жамлади, маржондек бир ипга тизди. Зотан, Х.Султоновнинг айни мақоласи қодирийшуносликда, таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, кичик бир воқеа бўлди. Х.Султонов «Андиша» мақоласида шарқона ахлоқ мезонлари асосида Қодирий романларига назар ташлайди. Отабек, Анвар, Юсуфбек ҳожи, Кумушбиби ва Раъно сиймоларини бир-бир тадқиқ этади, улар табиатида собит иймонни, «инсон шарафининг гултожи бўлмиш андиша, ор-номус, уят каби муқаддас туйғуларни» кўради.
«Андиша, уят, ор-номус, виждон тушунчалари Қодирий романларининг маънавий устунларидир», дея ёзади муаллиф. Шунингдек, Х.Султонов Абдулла Қодирий романларининг умрбоқийлигини, жозибадорлигини таъминлайдиган баъзи унсурлар хусусида ижодий жараённи англаб, адибнинг бадиий сўзга ўта масъулият ва эҳтиёткорлик билан ёндашганлигини ҳис этган ҳолда кузатади. Бу кузатишларда жаҳон адабиётининг номдор вакиллари билан қуруқдан-қуруқ, номигагина қиёслашнинг ўзи йўқ. Фикрлар ҳам дунёнинг қайсидир бурчагидаги қандайдир бир ажнабий шахсларнинг асарларидан ўринли-ўринсиз қатма-қат кўчирмалар олинмасдан, камёб илмий атамалар атайлаб исроф қилинмасдан ифода этилади. Муҳими, муаллиф бизни ўзининг ноёб топилмаларига романларнинг ўзи орқали, матндаги сирланган нуқталар воситасида ишонтира олади. Ҳайратлантиради.
«Андиша»да «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён»даги қаҳрамонлар андишасигина эмас, балки ўша машҳур қаҳрамонлар дунёсига кўчиб ўтган Абдулла Қодирийнинг инсон ва санъаткор сифатидаги юксак маънавияти юзасидан ҳам ғоят ўринли мулоҳазалар айтилган.
Х.Султоновнинг бу кузатишлари ва этик талқинларига қўшимча қилиб шуни таъкидлаш жоизки, Абдулла Қодирий бошқа ёзувчилардан ҳам айни юксак инсоний туйғу қонуниятлари асосида иш кўришни талаб этган эди. Хусусан, «Ёзғувчиларимизга» номли мақоласида адиб қуйидагиларни ёзади: «Аммо шу қалам олишдан илгари бир мунча андиша лозимдир; шошмаслик керак. «Шошган қиз эрга ёлчимас» мақолини балки эшитганингиз бордир. Ўн карра ўлчаб, бир мартаба кесмоқ яхши… Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак. Ёзувчининг ўзигина тушуниб, бошқаларнинг тушунмаслиги катта айб».[12]
Инчунун, андиша туйғуси, «ўн карра ўлчаб, бир марта кесмоқлик» ҳар қандай инсон учун, ҳар қандай қалам соҳиби ва айни пайтда адабиётшунос-талқинчилар учун ҳам жуда зарурдир.
Баъзан эстетик воқелик ҳис этилмасдан бадиий асар қаҳрамонларини гуруҳлаш, туркумлаш кўзга ташланиб қолади. Гоҳ ёзувчини алқаб, қаҳрамонни қоралаб, гоҳ санъатнинг мумтоз қоидаларини топтаб, қайсидир қаҳрамонларни оқлаб қалам сурилган ҳолатлар ҳам кузатилади. Яқин кечмишда муайян назарий метин қолипига айланган, анъанавий «ижобий» ва «салбий» сифатларни қўллашга бир оз истиҳола қилган ҳолда, уларнинг синонимларини қўллаб, эскича фикр, эскича талқинлар доирасида тентирашлар ҳам сезилади. Ҳолбуки, санъат-образли воқелик, рамзлар тилидир. «Унутилган тил»ни (Э.Фромм таъбири) қайта идрок этиш янгича тафаккур учун имконият остонаси ҳисобланади. Бадиий асар қаҳрамонларини қоралаш-оқлаш йўналиши «рамзлар тили»ни жўнлаштиради, камалакдек сержило санъатнинг юксак салоҳиятини тубанлаштиради.
Аслида талқинда умумназарий, ижтимоий-сиёсий омиллардан ташқари, адабиётшунос-талқинчининг индивидуал назари ҳам, шахсияти ва жинсияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Фикрий хилма-хиллик, сўз эркинлигига имконият юзага келган муҳитда бадиий асарларни янгича талқин қилишга эътибор кучаяди. Ҳатто адабиёт тарихида аниқ, реал илмий талқини, асар ғоясига, умумпафосига муносиб таҳлили мажуд бўлган ҳолатларда ҳам гоҳида, гарчи бир оз сунъийроқ туюлса-да, янгича фикр айтиш истаги пайдо бўлади. Бу истак меваси-ҳосиласи эҳтимол қандайдир эътирозга, баҳс-мунозарага ёки қўллаб-қувватлашлар ва «воқелик чегараларига ҳужум» эканини уқтиришга сабаб бўлиши ҳам мумкин.[13] Шу маънода Абдулла Қодирий ижоди юзасидан янгидан-янги талқинларнинг майдонга келишини, уларнинг тасдиқланиши ёки инкор этилишини, улар устида баҳс-мунозараларнинг авж олиниши илм оламидаги таибий ҳодиса сифатида қабул этмоқ жоиз. Зотан, адиб ижод боғидаги оғочларнинг илдизлари бақувват, мевалари тотлидир. Бу улуғ сўз неъматидан баҳрамандлик қалбга ширин безовталик олиб киради. Бу безовталик муайян фикр либосини кийгунча, фикр муайян шакл ва моҳият касб этгунча йиллар ўтади, ўйлашнинг адоғи кўринмайди, поэтик маъно чегараларига етиб борилмайди. Абдулла Қодирийнинг эстетик, руҳий дунёсига муносиб талқин ёзиш истаги кўнгилни тарк этмайди. Гоҳида бундай тадқиқотлар юзага ҳам келади.[14]
Вақт, замон тушунчаси муайян бутунликни, астрономик қаторни ташкил этади. Ижод аҳли тасвирлаётган воқеа-ҳодисаларининг ишончлилик қувватини ошириш учун шу астрономик вақтдан турли йўсинда ўз дунёқараши, маҳорати, фаҳм-фаросатига қараб фойдаланади. Бошқачароқ айтганда, бадиий асарда замон-вақт физикавий мазмундан адабий-фалсафий моҳиятига кўчади.
Абдулла Қодирий вақтдаги «Ўткан кунлар» мавҳумотини романнинг биринчи сатрларидаёқ парчалайди. Воқеалар саҳнага чиқаётган замон аломатини аниқ битиб қўяди: «1264-нчи ҳижрия, далв ойининг 17-нчиси, қишки кунларнинг бири, қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир…».[15]
Кунлик воқеа-ҳодисалар тасвири-тавсифида ижод аҳли чексиз замоннинг айни парчасига жуда кўп мурожаат этадилар. Ва аксар ҳолатларда қуёшнинг чиқиши ва ботиши ёки соат милларининг югиришини вақт белгиси-аниқлиги учун илова қиладилар.
Қодирий романларида кунлик вақтнинг «қуёш ботқан», «саҳар пайти» ёки «бу кун соат ўн иккида…», «ҳозир соат кечки еттилар бўлиб қолган…», «кечки соат тўртларда…» тарзидаги ифодасини онда-сондагина кузатилади.
Гоҳо айни тарздаги ифода ёнида кичик бир изоҳ келади: «…қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир», «саҳар вақти туриб чой ичдилар. Субҳ намозини ўқуб, арава қўшилди», «Кечки соат тўртлар, асрдан бир оз эртароқ ҳукумат аскари билан халқ орасида уруш бошланди…».
Вақт аломатининг ифодаси учун «шом азони» (шом вақти), «субҳ намози» (бомдод вақти), «асрдан бир оз эртароқ» (аср вақти) шаклидаги кичик бир изоҳ, аниқроқ қилиб айтганда, кунда фарз ўлароқ беш маҳал адо қилинадиган намоз вақтлари Абдулла Қодирий романлари хронотопида жуда юксак маъно касб этади; яъни адбий замоннинг поэтик тизими-қатори даражасига кўтарилади; деярлик ҳар доим кунлик вақт белгиси, тилшунослар таъбирича, пайт ҳолининг ифодасида намоз вақтлари асосий ўринни эгаллайди.[16]
Шунингдек, қодирийшуносликда адиб романларининг ўзидан кейинги авлод ёзувчилари ижодига таъсири масалалари ҳам янгича нуқтаи назардан талқин қилинди.[17]
Абдулла Қодирий ижоди юзасидан кейинги йилларда нашр қилинган энг муҳим ва жиддий асарлардан бири сифатида профессор У.Норматовнинг “Қодирий мўъжизаси” китобини кўрсатиш ўринлдир. У.Норматов бу китобида ёзувчининг асарларини ва архив ҳужжатларини, мавжуд илмий тадқиқотлар ҳамда биографик маълумотларни қайта назардан ўтказади. Абдулла Қодирий дунёсини, ҳам истеъдодли ижодкор, ҳам ўз замонасининг кишиси сифатидаги хусусиятларини теран талқин этади. Адиб дунёқараши шаклланган муҳит об-ҳавоси ҳароратига, таълим-тарбия масканларининг савиясига тўғри ташхис қўяди; бир қанча чигал масалаларга ойдинлик киритади. Олим муайян муаммо устида фикр юритар экан, бир қирғоқни ташлаб, иккинчи қирғоқни забт этиб «замона қаҳрамони»га айланишни хуш кўрмайди. Балки ўз талқинларида ижод психологиясини, инсон табиатига хос барча хусусият ва майлларни инобатга олади.[18]
Умуман олганда, мустақиллик йилларида майдонга келган янгича тафаккур ҳосилалари, янгича талқинлар ўзбек адабиётшунослиги тарихида, хусусан, қодирийшунослик соҳасида ўзининг жиддий изини қолдирди. Бу даврда эскича талқинлардан, қаҳрамонларни ижобий ва салбийга ажратиб таҳлил этишдан, талқинлардаги бирёқламаликлардан умуман воз кечилди.
Бадиий асарнинг поэтик моҳиятини, бадиий қийматини намоён этиш йўлида эстетик, этик талқинларга, тил ва услубни тадқиқ этишга, мавжуд адабий дурдоналарни ўзаро қиёслашга ҳам эътибор берилди.
Бу даврда Абдулла Қодирий асарларини макон ва замон нуқтаи назаридан ўрганиш,  адабий таъсир ҳодисаларини талқин қилиш ҳамда  романларни муайян маънавий-ахлоқий жиҳатларга боғлаб текшириш ҳам ўзининг ижобий самараларини берди.
Хуллас, эътироф этиш жоизки, ўзбек адабиётшунослигида илмий-назарий талқин бадиий асар моҳиятига яқинлашди. Буни Абдулла Қодирийга доир тадқиқотлар яққол кўрсатиб турибди.

***

Воҳидов Э. Қадримиз қадриятимиз // Совет Ўзбекистони. -1990. -12 янар.
Орипов А. Адиб хотирасига // Совет Ўзбекистони. -1990. -12 январь.
Изоҳ: бу китобнинг «Отабек ва Кумушбиби» деб номланган биринчи боби олимнинг 1966 йилда нашрдан чиққан «Абдулла Қодирий тасвирлаш санъати» деган рисоласининг бир оз таҳрир қилинган вариантидир, иккинчи боб эса «Меҳробдан чаён» поэтикасига тегишлидир.
Расулов А. Романнинг машаққатли йўли // Шарқ юлдузи. -1989. -№ 7.
Абдулла Қодирийнинг бадиий дунёси (мажмуа). Университет, 1994.
Норматов У. Қодирий боғи. Т.: Ёзувчи, 1995.; «Ўткан кунлар» ҳайрати, Т.: Ўқитувчи, 1996.
Қаршибой М. Бир ишқ, ҳам чин бир ишқ // Ватан. -1992. -28 октябрь. (Айни мақоланинг кенгайтирилган варианти «Ишқнинг мўъжизалари» сарлавҳаси остида «ЎзАС» газетасининг 1998 йил 3 апрель сонида босилган).
Раҳимов А. Солиҳ махдумда нима гуноҳ?  // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. –1990. -3 август
Шоназаров Ю. Яна Солиҳ махдум ҳақида // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. -1991. -25 январь.
Султонов Х. Шоирона дарвешона бир маъно // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. -1991.-1 июнь.
Милтс А. А. Совесть // Этическая мысль. -М.: Политическая литература, 1990. -Б.274-296.
Қодирий А. Ёзғувчиларимизга / Кичик асарлар. -Т.: Бадиий адабиёт нашриёти, 1969. -Б.186-187.
Бу ҳақда: Отахонов О. «Борса келмас»даги хазина мақоласи. («Шарқ юлдузи» 1987, -№4) «Ўғри»нинг талқини. Бунга муносабатлар: Х. Дўстмуҳаммедов. «Куюнчаклик – эзгулик ёки Абдулла Қодирийнинг орзуси», Н. Холлиев. «Янгилик – анъананинг давоми», Фахриёр. «Воқелик чегараларига ҳужум». «Шарқ юлдузи» журнали, 1987. -№ 10; С. Содиқ. Сўз санъати жозибаси. -Т.: Ўзбекистон, 1996. -Б.84-91.
Қаранг: Ғаниев И. Руҳий гўзаллик қисмати. -Б.: «Бухоро» нашриёти. 1994; Қаҳрамонов А. «Меҳробдан чаён» романи поэтикаси.  Филология фанлари номзоди… диссертация. –Т. 2000; Жўрақулов У.  Ўзбек ойим нега «оғма»? //  Ўзбекистон адабиёти ва санъати. –2001. –6 апрель.
Абдулла Қодирий. Ўткан кунлар. Меҳробдан чаён. Рўманлар. -Т.: Адабиёт ва санъат, 1994. -Б.3.
Батафсил қаранг: Карим Б. «Теваракдан шом азони эшитиладир…» // Ҳидоят. -2001. -№4. -Б.6-7.
Қаранг: Тўлаганова С. Ўзбек романчилигида ёрдамчи қаҳрамон ва унинг бадиий функцияси. КДА.- Тошкент.,1999.-24 б;  Карим Б. Таъсир ва тасвир // Тафаккур. -1999. -№ 4. -Б.89-91.
Норматов У. Қодирий мўъжизаси. –Тошкент. “Ўзбекистон” нашриёти. 2010 йил.

 

You may also like

Şərh yaz

Layihə haqqında

Sayt Azərbaycan Respublikasının Qeyri-Hökumət Təşkilatlarına Dövlət Dəstəyi Agentliyinin maliyyə yardımı ilə hazırlanmışdır.

Saytın məzmunu

Saytın məzmunu Dünya Gənc Türk Yazarlar Birliyinin cavabdehliyindədir, Azərbaycan Respublikasının Mədəniyyət Nazirliyinin mövqeyini əks etdirmir.

Bizim Yazı©2024 – Bütün hüquqları qorunur.